Институт ҳақида

Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Иммунология ва инсон геномикаси институти инновацион маҳсулотларни ишлаб чиқариш билан шуғулланадиган Марказий Осиё ҳудудидаги ягона муассаса бўлиб, унинг мақсади – Ўзбекистоннинг стратегик миллий устувор йўналишларига эришишига қаратилган фундаментал фан, таълимни ривожлантириш, аҳолининг ҳаёт сифатини яхшилаш ҳамда иммун биоҳавфсизлигини таъминлаш, иқтисодий ўсишга эришиш ҳисобланади.

Ҳозирги вақтда иммунология илмий ва техник тараққиётнинг жадаллашуви билан боғлиқ ҳолда юқори даражага кўтарилмоқда. Иммунологиянинг замонавий ривожланиш босқичининг ўзига хос хусусияти бу унга нисбатан иммун тизимнинг тузилиши, фаолияти ва патологиясини ўрганадиган фан сифатида қаралишидир. Сўнгги йилларда тадқиқотчилар кўплаб патологик жараёнларни ривожланишида иммун тизимнинг асосий роллари ҳақида кўпроқ маълумот топишмоқда. Клиникада кенг қамровли иммунологик текшириш иммун тизими камчилиги даражасини ва миқдоринигина эмас, балки касаллик давомида асосан дори воситаларини (гормонал воситалар, антибиотиклар ва б.қ.) қабул қилгандан сўнг ривожланиши мумкин бўлган иммунопатологик жараёнларни аниқлаш учун зарур. Шу билан бирга иммунопатологиянинг олдини олиш клиник тиббиётнинг муҳим йўналишига айланмоқда.