2019 йил 2 май куни Республикамиз тиббиёти оғир жудоликка учради

Оғир дарддан сўнг етакчи олим ЎзР ФА Иммунология ва инсон геномикаси институти, экспериментал иммунология лабораторияси мудири, тиббиёт фанлари доктори, профессор Батирбеков Акрам Анваровичга оламдан ўтди.

Батирбеков Акрам Анварович 1949 йилда Жиззах вилоятида туғилган. У 1973 йилда Самарқанд Давлат тиббиёт институтининг даволаш факультетини тугатган.

1973 йилдан то 1975 йилгача Москва шаҳридаги СССР Соғлиқни сақлаш вазирлигига қарашли Биофизика институтида тадқиқотчи-стажер бўлиб иш бошлаган. 1975 йилдан то 1977 йилгача Самарқанд Давлат тиббиёт институтининг ижтимоий гигиена кафедрасида ассистент бўлиб, 1977 йилдан то 1986 йилгача Тошкент Давлат тиббиёт институтининг Муаммо илмий-тадқиқот лабораториясида катта илмий ходим бўлиб ишлаган. 1986 йилдан то 1991 йилгача СССР Соғлиқни сақлаш вазирлигига қарашли Иммунология институтининг Тошкентдаги филиалида лаборатория мудири бўлиб фаолият олиб борган. 1991 йилдан 1995 йилгача Иккинчи Тошкент Давлат тиббиёт институтининг микробиология кафедрасида катта ўқитувчи, профессор, 1995 йилдан 1997 йилгача шу кафедранинг мудири, 1997 йилдан то 2003 йилгача Иккинчи Тошкент Давлат тиббиёт институтининг Марказий илмий-тадқиқот лабораториясида иммунология бўлими мудири бўлиб ишлаган. 2012 йилдан то ҳозиргача ЎзР ФА Иммунология ва инсон геномикаси институтида экспериментал иммунология лабораторияси мудири лавозимида ишлаб келган. Батирбеков А.А. 1977 йилда (Саратов ш.) номзодлик диссертациясини, 1991 йилда (Москва ш.) докторлик диссертациясини ҳимоя қилган.

2001 йилда Америка география институти экспериментал иммунология соҳасидаги тадқиқотлари учун А.А. Батирбековни “Йил одами – 2001″ олтин медалига тақдим этган, лекин бу инсон буни рад этди.

Батирбеков А.А. 230 дан ортиқ илмий ишлар ва 26 та монографиялар, 10 та муаллифлик гувоҳномасига ва 12 патент муаллифи. Унинг раҳбарлигида 17 та номзодлик ва 3 докторлик диссертациялари ҳимоя қилинган. Батирбеков .А.А. ЎзР ФА нинг фундаментал тадқиқотларни қўллаб қувватлаш фондининг 4 та фундаментал тадқиқоти ва битта амалий тадқиқоти лойиҳаларига раҳбарлик қилган.

Илмий фаол иятидан ташқари Батирбеков А.А. институтнинг ижтимоий ишларида фаолиштирокчи. Жумладан 2003-2011 йилларда институтнинг илмий котиби, институтнинг аспирантура бўлими мудири, муаммоли комиссия раиси, эксперт комиссиясининг раиси,«Назарий ва клиник тиббиёт» журнали таҳририят кенгаши аъзоси, иxтисослашган кенгаш раисининг ўринбосари, апробацион семинар раиси, «Аллергология ва иммунология мутаxассислиги бўйича номзодлик минимуми имтиҳон комиссияси раиси лавозимларида ишлаган.

Батирбеков Акрам Анваровичнинг оила аъзолари ҳамда қариндошларига унинг ҳамкасблари томонидан чуқур ҳамдардлик билдирамиз.